Ўзбекистонда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш узлуксиз таълим тизимининг мустақил босқичи ҳисобланади. Ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази муҳим ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан сўнг ҳуқуқшунос кадрларга бўлган эҳтиёж янада ортиб, замонавий юрист кадрларга қўйиладиган талаб ҳам ўзгарди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишдек мураккаб жараёнларнинг ҳуқуқий жиҳатларини таъминлаб беришга қодир бўлган мутахассислар керак эди.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 январдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия опганлапи ва судлапи фаолиятини ташкил этиш масалалапи тўғрисида”ги 18-сонли қарори билан адлия ходимлари малакасини ошириш республика курслари негизида Суд ва адлия органлари ходимлари малакасини ошириш институти ташкил қилинди. Давлат ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий билимлар асосида ҳуқуқшунос ходимларнинг касбий тайёргарлигини ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш, шунингдек, ҳуқуқшунослик соҳасидаги илмий тадқиқотлар савиясини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги УП-1791-сонли Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 июлдаги 364-сонли қарори билан Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида” 2024 йил 24 майдаги ПФ-80-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, адлия органлари ва муассасалари ходимлари, юридик хизмат, адвокатура, нотариат, медиация, интеллектуал мулк, суд экспертизаси, архив иши ва иш юритиш ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг замонавий тизимини йўлга қўйиш ҳамда уларни ўқитишни халқаро тажриба ва замонавий таълим стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида Вазирлар маҳкамаси томонидан 2025 йил 19 мартда 171-сон қарор қабул қилинди. Ҳамда ушбу қарор билан Марказ ўз фаолиятини Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти шаклида қайта ташкил этилди.
Унга кўра қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
замонавий талаблар ва жараёнларни ҳисобга олган ҳолда адлия органлари ва муассасалари ходимлари, юридик хизмат, адвокатура, нотариат, суд экспертизаси, архив иши ва иш юритиш, ижро интизоми, мурожаатлар билан ишлаш, медиация ва интеллектуал мулк соҳалари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
буюртмачиларга малака ошириш шаклларини касбий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мустақил танлаш имкониятини яратиш;
касбий ўқитишнинг иш жараёни билан биргаликда амалга ошириладиган шаклларини (дуал таълим) жорий қилиш ва такомиллаштириб бориш;
халқаро миқёсда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини муносиб ифода эта оладиган юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш;
олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш;
умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш, шунингдек, профессионал ва олий таълим тизимида ҳуқуқий фанлардан дарс берадиган педагог кадрларнинг белгиланган даврийликка мувофиқ малакасини ошириш;
юридик ва ноюридик соҳаларда фаолият юритувчи давлат хизматчилари, хусусий сектор ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ўқув курсларини ташкил қилиш;
ташкилотларнинг ички ҳужжатлари, иш юритиш тартиблари, шартномавий муносабатлари ҳамда ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини юридик жиҳатдан таҳлил қилган ҳолда, ташкилотларнинг тегишли мутахассисларини талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб шартнома асосида манзилли ўқитиш;
касбий ривожланиш учун рақамли таълим ресурсларини яратиш, кадрларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини узлуксиз ривожлантириш ҳамда даврий баҳолаб бориш;
кредит-модуль тизимидан фойдаланган ҳолда кадрлар салоҳиятини ошириш, юридик таълимда казус ва кейс-технологиялар асосида ўқитишни ташкил этиш;
адлия органлари ва муассасалари фаолиятини, ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш, суд экспертиза, архив иши ва иш юритиш соҳаларини илмий-методик ва консультатив жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, уларнинг фаолият йўналишларини таҳлил қилган ҳолда янада такомиллаштириш бўйича илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш;
ҳуқуқни қўллашдаги муаммолар ва юриспруденсиянинг энг долзарб масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар лойиҳаларини, шу жумладан, миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёни ҳамда илмий фаолиятга юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни кенг жалб қилиш, педагогика соҳасида илғор тажриба алмашиш борасида халқаро ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш ва ривожлантириш.