+998 71 200 02 35

Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш тартиби

29.07.2025 236

Гаров мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш усулларидан бири ҳисобланади.

Гаров туфайли кредитор (гаровга олувчи) қарздор мажбуриятларни бажармаган тақдирда гаровга қўювчи гаровга қўйган мол-мулк қийматидан таъминланиш ҳуқуқига эгадир. Қонун бўйича ҳақиқий бўлган ҳар қандай мажбуриятнинг: заём, (банк берадиган қарз), ижара, олди-сотди, юкларни ташиш ва ҳуқуқнинг ҳар қандай субъектлари (жисмоний ва юридик шахслар, давлат) ўртасидаги бошқа мажбуриятларнинг бажарилиши гаров билан таъминланиши мумкин. Ашёлар, қимматли қоғозлар, пул маблағлари, шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш, якка тартибда уй-жой қуриш учун ким ошди савдоси асосида олинган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик ҳуқуқи, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, турар жой бинолари улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда, бошқа мол-мулк ва мулкий ҳуқуқлар гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Шахсий хусусиятга эга бўлган талаблар, шунингдек гаровга қўйилиши қонун билан тақиқлаб қўйилган бошқа талаблар гаров нарсаси бўлиши мумкин эмас. Гаров ҳуқуқи келгусида гаровга қўювчининг эгалигига (тўлиқ хўжалик тасарруфига ёки бевосита бошқарувига) ўтадиган мол-мулкка нисбатан шартнома билан татбиқ этилиши мумкин.

Башарти, шартномада ёки қонунларда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи мол-мулкнинг ашёларини ҳам, таркибий самарасини ҳам ўз ичига олади. Мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи шартномада ёки қонунларда назарда тутилган ҳолларда, доирада ва тартибда ажратиб бўладиган самарани, бўлғуси ҳосилни, чорва моллар наслини, буюм келтирадиган даромадларни ўз ичига олиши мумкин. Ўртадаги умумий мол-мулк фақат барча мулкдорларнинг розилиги билан гаровга берилиши мумкин. Мулкдорнинг умумий ҳиссабай мулкдаги ўз улушини гаровга қўйиш қолган мулк эгаларининг розилик беришини талаб қилмайди.

Гаров гаров шартномаси имзоланган пайтдан эътиборан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган ҳолларда эса, шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Агар шартномага ёки қонунларга мувофиқ гаров нарсаси гаровга олувчида туриши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи унга гаров нарсаси берилган пайтда, агар гаров нарсаси шартнома имзолангунга қадар берилган бўлса, шартнома имзоланган пайтда вужудга келади.

Гаров нарсасига бўлган мулкий ҳуқуқ (тўлиқ хўжалик тасарруфи ёки бевосита бошқаруви) гаровга қўювчидан учинчи шахсга ўтган тақдирда гаров ўз кучини сақлайди.

Кредитор талабларини тўлиқ ҳажмда қондирган учинчи шахсга талаб қилиш ҳуқуқини таъминлаган гаров ҳам ўтади.

Депозитга пул ўтказиш йўли билан гаровни тўхтатиш - Гаровга олувчи гаров билан таъминланган пул мажбурияти ижросини қабул қилишдан воз кечганида тегишли пул нотариал идора ёки банкнинг депозитига ўтказилади. Депозитга ўтказилган пул қарзни тўлиқ қопласа, гаров шартномаси ўз кучини йўқотади.

Гаров нарсасининг гаровга олувчи томонидан мустақил равишда сотилиши.

Гаровга олувчи гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда, гаровда турган мол-мулкни мустақил равишда сотишга ҳақлидир.

Гаровга қўювчи мол-мулкни қасддан арзон баҳода сотганлиги учун жавоб бериши тўғрисида гаровга олувчи олдига талаб қўйишга ҳақлидир. Гаров нарсасини воситачилик асосида, бозорда ёки кимошди савдосида сотиш гаровга олувчининг арзон баҳода сотганликда айби йўқлигининг шартидир.

Закалат — кўчар мол-мулкнинг гаровидир, бунда гаров нарсасини ташкил этувчи ашё гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчи ихтиёрига берилади. Кредиторнинг гаровга қўювчи билан келишувига биноан гаров нарсаси гаровга қўювчи ихтиёрида қулфланган ва гаровга олувчининг муҳри босилган ҳолда (ишончли гаров) қолдирилиши мумкин. Алоҳида белгиланган ашё гаров тўғрисида далолат берувчи белгилар қўйилган ҳолда гаровга қўювчи ихтиёрида қолдирилиши мумкин.

Гаровга қўювчининг илтимосига кўра, суд ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги қарорда уни очиқ кимошди савдосида сотишни бир йил муддатгача кечиктиришга ҳақли. Кечиктириш ушбу мол-мулкнинг гарови билан таъминланган мажбурият бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди ҳамда кредиторнинг кечиктириш вақти мобайнида кўпайган зарарларининг ўрнини қоплашдан ва неустойкани ундиришдан қарздорни озод қилмайди.

Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.

Кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда (ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилган тақдирда) гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишувга кўра, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай келишувга нисбатан олди-сотди шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.

Такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганда гаровга олувчи гаров нарсасини реализация қилинмаган гаров нарсасини такрорий кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархидан кўпи билан ўн фоиз камроқ суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга ҳақли.

Агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ичида фойдаланмаса, гаров тўғрисидаги шартнома бекор қилинади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчининг талабини қоплаш учун етарли бўлмаса, у, қонунда ёки шартномада бошқача кўрсатма мавжуд бўлмаган тақдирда, етишмаётган суммани гаровга асосланган имтиёздан фойдаланмаган ҳолда, қарздорнинг бошқа мол-мулкидан олиш ҳуқуқига эга.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш чоғида тушган сумма гаровга олувчиларнинг гаров билан таъминланган талаблари миқдоридан ошиб кетса, фарқ гаровга қўювчига қайтарилади.

Қарздор ёки учинчи шахс бўлган гаровга қўювчи гаров нарсаси реализация қилингунига қадар исталган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни ёки унинг муддати ўтказиб юборилган қисмини бажариб, ундирувни гаров нарсасига қаратишни ва уни реализация қилишни тугатишга ҳақли. Бу ҳуқуқни чеклайдиган келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

 

                                 Маркетинг ва буюртмачилар билан алоқалар бўлими.

                                                              Катта мутахассис: М. Рузимухамедова