+998 55 518 57 77

Юридик таълим ва фаннинг ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари

16.04.2026 90

Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш шароитида юридик фан ҳамда юридик таълим тизимини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва юридик фанни такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли давлат сиёсати амалга оширилди. Жумладан, таълим ва фан соҳасида ҳуқуқий асослар яратилди, ҳуқуқни қўллаш амалиёти талабларига мувофиқ таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва методик материаллар тўлиқ қайта ишланди.

Шу билан бирга, салмоқли ютуқларга қарамасдан, айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, таълим, фан ва амалиёт ўртасидаги интегратсия етарли даражада эмас, юқори илмий малакага эга кадрлар етишмаслиги кузатилади, илмий тадқиқотлар даражасини ошириш зарурати мавжуд.

Шу боис, жамият ва давлатни модернизатсия қилиш шароитида юридик таълим ва фанни янада ривожлантириш долзарб ҳисобланади. Бу жиҳатдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги ПФ–232-сонли «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу Фармон билан «Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона тўғри йўли» деган устувор ғоя асосида замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш, юридик таълим, фан ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш мақсади белгилаб берилган.

Белгиланган мақсадларни амалга ошириш учун, жумладан, 2026 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар режалаштирилган:

юридик таълим жараёнларини амалиёт билан узвий боғлашга қаратилган амалий таълим, клиник ва дуал таълим тамойилларини жорий этиш;

юридик таълим тизимида «таълим – тадқиқот – амалиёт» интегратсиясини йўлга қўйиш, бошқарувда академик-коллегиал ёндашувларни янада кенгайтириш;

юридик таълим самарадорлиги ва сифатини назорат қилишни кучайтириш;

Тошкент давлат юридик университетини (кейинги ўринларда – Университет) 2030 йилга қадар ҳуқуқ соҳасида нуфузли Қуаcқуарелли Сймондс рейтингида дунёдаги ТОП-1000 олий таълим муассасалари қаторига киритиш.

Шубҳасиз, юридик таълим сифатини таъминлашда «Ҳуқуқшунослик» фанининг ўрни муҳим бўлиб, у ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқитилади. Шу муносабат билан, юқоридаги Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 28 майдаги ПҚ–1761-сонли «Ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ва уларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ўрта махсус, профессионал таълим тизими раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш вазифаси юклатилди.

Юридик фан Ўзбекистоннинг давлат ривожланиш стратегиясини амалга оширишда муҳим воситага айланмоқда. Шу боис, «таълим – тадқиқот – амалиёт» интегратсиясини таъминлаш мақсадида мазкур Фармонда Университетда юқори сифатли таълимни илмий тадқиқот ва амалиёт асосида таъминлайдиган академик департаментлардан иборат тармоқ факултетлари тизимини шакллантириш, таълим жараёни ва амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар ҳамда илмий-методик қўлланмалар ишлаб чиқиладиган тадқиқот марказларини ташкил этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш, шунингдек, мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари орқали долзарб муаммоларга илмий ечимлар ишлаб чиқиш зарурлиги белгиланган.

Юридик фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган мазкур ва бошқа ислоҳотлар рақобатбардош юридик кадрлар тайёрлаш ҳамда мамлакатнинг илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш эса ҳуқуқий давлатни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон ҳуқуқий маконига интегратсиясини таъминлаш имконини беради.

 

Рафик ШАКУРОВ

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини

ошириш институти доценти, юридик фанлар номзоди