Ўзбекистон ўз келажаги бўлган болаларни ҳимоя қилиш тизимида туб бурилиш ясамоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026–2030-йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мамлакат ижтимоий сиёсатида муҳим тарихий қадам бўлди. Ушбу ҳужжат назарий консепсия билан чекланиб қолмай, балки мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган болалар учун самарали ҳимоя механизмларини белгилаб бериши билан аҳамиятлидир.
Мазкур Стратегиянинг асосий мақсади болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва эксплуататсиядан ҳимоя қилиш ҳамда хавфсиз, соғлом муҳитда вояга етишини таъминлашдан иборатдир. Бугунги кунда болаларга нисбатан руҳий ва жисмоний зўравонлик ҳолатлари жамиятнинг энг долзарб ва оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Янги Стратегия айнан ушбу муаммоларни тизимли равишда бартараф этишга қаратилган.
Стратегиянинг энг муҳим ва инновацион йўналишларидан бири 2026-йил
1-февралдан бошлаб профессионал тутинган оила хизматининг жорий этилишидир. Ушбу институт болаларни ҳимоя қилишда мутлақо янги ёндашувни шакллантиради.
Профессионал тутинган оила анъанавий васийлик ёки фарзандликка олиш институтидан тубдан фарқ қилади. Бу тизим доирасида махсус тайёргарликдан ўтган, руҳий жароҳат олган болалар билан ишлаш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлган оилалар фаолият юритади. Бундай оилаларга зўравонлик оқибатида ўз биологик оиласидан ажратилган болалар, зўравонлик хавфи остида яшаётган вояга етмаганлар ҳамда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволга тушиб қолган болалар жойлаштирилади.
Фармонга мувофиқ, профессионал тутинган оилалар фаолияти аниқ ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий механизмлар орқали тартибга солинади. Ушбу оилалар махсус ижтимоий-реабилитатсия дастурлари асосида тайёрланади. Мазкур дастурлар болаларда мавжуд психологик травмаларни енгиллаштириш, уларнинг жамиятга мослашуви, тенгдошлари билан мулоқотини тиклаш ҳамда ижобий хулқ-атвор кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Натижада тутинган оила оддий ғамхўрлик субйекти эмас, балки профессионал реабилитатсия муҳитига айланади.
Болалар профессионал тутинган оилаларга “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали ва расмий шартнома асосида жойлаштирилади. Бу эса ҳар бир боланинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини, оиланинг масъулияти эса қонуний жиҳатдан мустаҳкамланишини таъминлайди. Тизим доимий мониторинг ва назорат механизмларига асосланган ҳолда фаолият юритади.
Профессионал тутинган оилалар меҳнати давлат томонидан моддий жиҳатдан рағбатлантирилади. Ҳар бир жойлаштирилган бола учун оилага Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида ойлик тўлов белгиланади. 2026-йил ҳолатига кўра ушбу сумма 2 миллион 542 минг сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, боланинг яшаши, овқатланиши ва кийим-кечаги билан боғлиқ харажатлар ҳам алоҳида маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда оилавий болалар уйлари учун белгиланган юқори стандартлар қўлланилади.
Ислоҳотлар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари ташкил этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу марказлар йирик ва ёпиқ турдаги муассасалар фаолиятини қисқартириш, болаларни оилавий муҳитга яқин шароитда қўллаб-қувватлаш ва уларга тезкор ижтимоий ёрдам кўрсатишни мақсад қилган.
Мазкур марказлар дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида ташкил этилади ҳамда 2026-йил якунига қадар республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади. Улар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида фаолият юритиб, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан узвий ҳамкорликда ишлайди.
Илгари зўравонликка учраган болалар асосан йирик меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган бўлса, бугунги кунда психологик тадқиқотлар боланинг травмадан қадри тикланиши айнан оилавий муҳитда самаралироқ кечишини тасдиқламоқда. Профессионал тутинган оила институте болаларнинг ёпиқ муассасаларда узоқ муддат қолиб кетишининг олдини олади, ҳар бир болага индивидуал ёндашувни таъминлайди ҳамда зўравонликнинг жамиятдаги узлуксиз занжирини узишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентнинг мазкур фармони Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодасидир. Профессионал тутинган оила хизмати шунчаки ижтимоий лойиҳа эмас, балки меҳр ва ғамхўрликни профессионал даражага кўтарган, давлатнинг энг ҳимояга муҳтож қатлам жабрдийда болаларга қаратилган юксак эътиборининг ёрқин намунасидир. 2026-йилдан бошлаб жорий этиладиган ушбу тизим минглаб болаларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириши, уларга соғлом ва фаровон келажак сари йўл очиши шубҳасиз.
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш институти
бош мутахассиси
Моҳларойим Толипова


