+998 55 518 57 77

Давлат хизматчиларининиг касбий компетенция кўрсаткичларининг мазмун-моҳияти

17.02.2026 55

Бугунги кунда кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлса-да, иш берувчи томонидан уларнинг малакаси бўйича қуйилаётган замонавий талабларнинг юқорилаб бориши, кундан-кунга меҳнат бозорида соғлом рақобатнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда, таълим муассасаларини битирувчилари назарий билимларга эга бўлса-да, уларнинг айримлари дарҳол касбга киришиб кетиши ва ўз ўрнини топа олмаслик билан боғлиқ ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Бу ўз навбатида касбга эга бўлиш учун олий маълумотнинг ўзи етарли эмаслигидан далолат беради. Шу боис, бугунги кунда давлат фуқаролик хизматчиларига касбга компетентлик нуқтаи назардан ҳам талаблар қуйилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсадлардан келиб чиқиб, ҳозирги тезкорлик билан ўзгариб бораётган янги шароитларга мослашувчан, профессионал, инновацион ва натижадорликка қаратилган давлат фуқаролик хизматининг янги моделини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган “Давлат фуқаролик хизматини 2030-йилгача ривожлантириш стратегияси”да “Инсон ресурсларини замон талабларига мувофиқ ривожлантириб бориш, шу жумладан, компетенция моделини жорий этиш” устувор йўналиш сифатида эътироф этилиб, бошқа вазифалар қаторида, “Ҳаёт давомида таълим олиш” (Life Long Learning) тамойили асосида давлат фуқаролик хизматчиларининг ўзларига зарур бўлган кўникмаларни ривожлантириб боришига қаратилган малака ошириш тизимининг ягона қоидаларини белгилаш, давлат фуқаролик хизматида компетенция моделини ҳамда профессионал компетенцияларни баҳолаш тизимини жорий этиш, давлат фуқаролик хизматчилари ўз касбий ва шахсий компетенцияларини ривожлантириб боришини уларнинг кареравий ўсиши ва моддий манфаатдорлиги билан боғлаш тизимини жорий этиш, давлат фуқаролик хизматчилари компетенцияларини баҳолаш (assessment) жараёнларини рақамлаштириш, вакант лавозимларини тўлдириш жараёнида бошқа идоралар билан келишиш институтини қайта кўриб чиқиб, давлат фуқаролик хизматчиларини “Устоз-шогирд” анъаналарига кўра тажрибали, билимли ва малакали давлат фуқаролик хизматчиларига шогирд сифатида бириктириш амалиётини йўлга қўйиш белгиланди.

Мазкур вазифаларни амалга оширилишини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-июндаги ПФ–95-сон “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (кейинги ўринларда – Фармон) муҳим ўрин тутади. Жумладан, Фармонга мувофиқ 2025-2026 йилларда давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этишнинг асосий йўналишлари сифатида давлат органларида кадрлар билан ишлашнинг замонавий усул ва механизмлари ҳамда яхлит тизимини жорий этиш, давлат органларида салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг давлат фуқаролик хизматига (кейинги ўринларда – давлат хизмати) қабул қилингандан бошлаб бутун меҳнат фаолияти давомида зарур билим ва касбий компетенцияларини узлуксиз ривожлантиришини ташкил этиш ва мониторинг қилиш, давлат хизматчиларининг самарали меҳнатга интилишини кучайтириш, ўз касбий кўникмаларини ривожлантириш ва юқори натижалардан манфаатдорлигини оширишга қаратилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг жозибадор механизмларини жорий этиш белгиланди.

Демак, мослашувчан, профессионал, инновацион ва натижадорликка қаратилган давлат фуқаролик хизматининг янги моделини яратишда давлат хизматчиларнинг компетенцияларини ошириш муҳим ўрин тутади.

“Компетенция” лотин тилидаги “сompetentia” (“competere”) сўзидан келиб чиққан бўлиб, мувофиқлик, мутаносиблик, қобилият, лаёқат маъноларини англатади.

Кўпинча компетенция атамаси муайян касб билан боғланган ҳолда ишлатилади ва “касбий компетенция” деб, аталади.

Таъкидланган Фармон билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини узлуксиз равишда ошириш тартиби тўғрисида низом”да (кейинги ўринларда – Низом) “Касбий компетенциялар – давлат фуқаролик хизматчисига ўз фаолиятини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган касбий билимлар, кўникмалар ва малакалар йиғиндиси” – деб, тушунча берилган.

Фармонга асосан давлат хизматчиларининг салоҳияти ва касбий компетенцияларини диагностикадан ўтказишда, уларнинг қуйидаги кўрсатгичлари баҳоланиши белгиланган:

1) тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси;

2) ҳужжатларни тузиш кўникмалари;

3) давлат тилида иш юритиш кўникмалари;

4) таҳлилий малакалари;

5) раҳбарлик малакалари;

6) коммуникативлик малакалари;

7) компютер саводхонлиги;

8) қонунчиликдаги янгиликларни ўзлаштирганлиги;

9) Ўзбекистон тарихини ўзлаштирганлиги;

10) хорижий тилларни ўзлаштирганлиги;

11) умумий эрудицияси;

12) психологик диагнози;

13) интеллектуаллик коэффициенти (IQ).

Касбий компетенцияларни ташкил этадиган ушбу кўрсатгичларни давлат хизматчилари томонидан узлуксиз равишда ошириши лозим бўлган “қаттиқ” ва “юмшоқ” кўникмаларга ажратилади. Назария ва амалиётда, ушбу кўникмалар тегишлича  “қаттиқ” – “hard skills” ва “юмшоқ” – “soft skills” деб, юритилади.

Бунда, касбий компетенцияларига кирадиган “қаттиқ” (hard skills) кўникмаларини давлат хизматчиларнинг профессионаллик сифатига оид қўйидаги кўрсаткичлар ташкил этади:

1) тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси. Мазкур касбий билим ташкилотнинг ички меъёрларини билиш (масалан, ташкилот низоми, лавозим йўриқномаси, жамоат шартномаси, коррупсияга қарши курашиш сиёсати, одоб-ахлоқ қоидалари, манфаатлар тўқнашувини бошқариш низоми ва бошқ.);

2) ҳужжатларни тузиш кўникмалари, жумладан буйруқ, хулоса, ахборот хати, маълумотнома, шартномалар, даъво аризалари, шикоятлар ва бошқаларни расмий иш юритув услубида ёзиш қобилияти, ҳар қандай ҳужжатни аниқ тузилишига эътиборли бўлиш (масалан, сарлавҳа, мурожаат, асосий қисм, якун ва имзо), фикрларни аниқ, лўнда ва тушунарли баён қилиш, ортиқча сўзлардан қочиш қобилияти, ҳужжатларни тузишда ахборот-коммуникация технологиялар ва сервислардан фойдалана олиш қобилияти;

3) давлат тилида иш юритиш кўникмаларга, жумладан ёзма кўникмалар (масалан, ҳужжатларни давлат тилида тўғри тузиш, ҳужжатларни тузишда давлат тилида равон ва тушунарли баён қилиш, грамматик тўғрилигига эътиборли бўлиш малакаларнинг мавжудлиги), расмий учрашувлар оғзаки мулоқот қилиш кўникмалари, кирувчи ва чиқувчи ҳужжатларни рўйхатга олиш, сақлаш, архивлаш ва назорат қилиш бўйича билимларга эга бўлиш, расмий услуб ва терминологиялардан тўғри фойдаланишни билиш қобилияти;

4) таҳлилий малакалар маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш (масалан, турли манбалардан керакли ахборот йиғиш, маълумотларнинг ишончлилигини баҳолаш, рақамли ва сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиш, муаммоларни аниқлаш ва ечимлар топиш, танқидий фикрлаш, тизимли ёндашиш, прогнозлаш ва режалаштириш ҳамда ҳисобот тайёрлаш қобилиятлари);

5) раҳбарлик малакаларини, жумладан, ташкилотни бошқариш қобилияти  (масалан, ташкилотда ишни ташкил қила билиш, мураккаб вазиятларда қатъий қарорлар қабул қилиш, вазифаларни тўғри тақсимлаш, масъулиятни ўз зиммасига олиш қобилияти, йирик лойиҳаларни тузиш ва уларни бажарилишини ташкил этиш, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалар тизимини такомиллаштириш қобилияти), ходимларни бошқариш қобилияти (масалан, лидерлик, яъни юқори даражадаги ташкилотчилик, жамоани бир мақсад атрофида бирлаштира олиш, ходимларда ишонч уйғотиш, илҳомлантириш, ходимларнинг ички тартиб ва қоидаларига риоя қилишларини таъминлаш, мақсадларни тўғри белгилаш, устувор вазифаларни ажрата билиш қобилияти), раҳбарнинг махсус билим ва кўникмалари (масалан, соҳага ёки тармоққа доир фаолиятнинг хусусиятларини билиш, жамоада қулай маънавий ва руҳий муҳитни яратиш, низоларни бошқара билиш, профессионаллик, молиявий саводхонлик, инновацион технологияларни тадбиқ этиш қобилияти);

6) компютер саводхонлиги, жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана олиш (масалан, мазкур кўникма, ахборот-коммуникация технологияларининг техник асосларини тушуниш ва уларнинг дастурларидан кенг фойдалана олиш (ular – Word, Excel, PowerPoint, Smartoffise), kasbiy faoliyatda sun’iy intellekt texnologiyalaridan foydalanishni bilish (ular – ChatGPT, Google Gemini, Claude, Microsoft Copilot, Grok, Deep  Seek - AI Assistant ва бошқ.) ҳамда Интернет тармоқларида мавжуд миллий қонунчилик маълумотлар базасидан фойдалана олиш қобилиятини англатади (masalan, Lex.uz);

7) қонунчиликдаги янгиликларни ўзлаштирганлик, жумладан хизматчининг ўз касбий фаолиятида қонунчиликни амалда қўллай олиши (масалан, ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳаракатларни бажариш, юридик хизмат кўрсатиш, ҳуқуқий масалалар юзасидан маслаҳатлар бериш, мустақил қарорлар қабул қилиш), турли ҳуқуқий жараёнларни тартибга солувчи қоидаларни тушуниш ва уларни амалда қўллаш қобилияти (масалан, маъмурий тартиб-таомиллар, интеллектуал ҳуқуқ, корпоратив ҳуқуқ, киберҳуқуқ ва х.к.) ва бошқ.

Мазкур кўрсатгичларга оид билим, кўникма ва малакаларга эга бўлиш давлат хизматчининг юқори профессионаллигидан далолат беради.

Касбий компетенцияларига оид “юмшоқ” (soft skills) кўникмаларини ташкил этадиган кўрсаткичларига, жумладан, давлат хизматчиларининг қуйидаги шахсий сифатлари киради:

1) коммуникатив компетенция, яъни вербал (оғзаки ва ёзма) ва новербал (сўзсиз) воситаларни қўллаш орқали турли вазиятларда самарали мулоқот қилиш, музокара олиб бориш, алоқа ўрнатиш, ахборот алмашиш ҳамда ўзаро тушунишга эришиш қобилиятини англатади (масалан, тинглай олиш, ишонтира олиш, мулоқотни бошқара олиш, ишончли муносабатларни ўрнатиш, нотиқлик маҳорати, ўз позициясини аниқ ва ишончли баён эта олиш, шунингдек, умумий мақсадга эришиш учун ҳамкасблар билан самарали ҳамкорлик қилиш, ўз фикрларини аниқ ва ишончли баён қилиш қобилияти);

2) хорижий тилларни ўзлаштирганлик, жумладан, давлат хизматчисининг хорижий тилда суҳбат қилиш, турли мавзуларда мулоқот қилиш, фикрларни аниқ ифодалаш, таржима қилиш, ёзма нутқ қилиш қобилиятлари ва касбга оид махсус терминологияни билиши ташкил этади. Бугунда хорижий тилларни ўзлаштирганлик халқаро ҳамкорлик, таълим, тадқиқот ва касбий ривожланиш учун зарур бўлган муҳим билимлардан ҳисобланади;

3) Ўзбекистон тарихини ўзлаштирганлик мамлакатнинг тарихий даврлар (масалан, қадимги давр, ўрта асрлар, Россия мустамлака даври, собиқ иттифоқ даври ва мустақиллик йилларидаги асосий воқеалар ва жараёнларни билиш), тарихий шахслар (масалан, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа буюк тарихий шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти), ўзбек халқининг миллий анъаналари, урф-одатлари, қадриятлари ва уларнинг шаклланиш тарихига оид билимларни ўз ичига олади. Мазкур кўрсаткич давлат хизматчиларида миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ва жамиятда онгли фуқаро бўлиш учун муҳим аҳамиятга эга;

4) психологик диагнози, жумладан, давлат хизматчиларининг стрессга бардошлиги, адаптив ва эмоционал интеллект, эмпатия, самарали мулоқот, конфликтологик, фрустрацион бағрикенглик, психологик барқарорлик ва пластиклик компетенциялари хусусиятларининг ривожланганлиги (масалан, стрессга бардошлик – давлат хизматчисининг юқори босим ва ҳиссий зўриқиш шароитида ёки юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий инқирозли ва мураккаб вазиятларда ҳиссий барқарорликни сақлаб қолиш ва оқилона қарорлар қабул қилиш қобилиятида намоён бўлади);

5) умумий эрудиция – бу давлат хизматчисининг фан, санъат, адабиёт, маданият ва бошқа соҳаларда кенг қамровли билимларга эга бўлиши ҳамда ушбу соҳаларда фикр юрита олишидир. Бунда, фан ва адабиётлар тегишлича касбий фаолиятига оид йўналишда бўлиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланади. Касбий компетенциянинг ушбу кўрсатгичини оширишда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги ПҚ-9-сон “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳамият касб этади. Хусусан, мазкур қарорга асосан вазирлик ва идораларга 2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда “Китоб бурчаги” ташкил этиш ва ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати”ни йўлга қўйиш ҳамда танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти бериш тизими жорий этиш вазифаси белгиланди;

6) интеллектуаллик коэффициенти (IQ) – инсоннинг ақлий қобилиятини ўлчаш учун ишлатиладиган сонли кўрсатгичдир. Интеллектуал коэффициенти давлат хизматчининг мантиқий фикрлаш, фазовий тасаввур, хотира ва диққат қобилиятлари асосида махсус тестлар ёрдамида ўлчанади.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрида мавжуд давлат органлари ва ташкилотларининг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳларига таалуқли вакант лавозимларни эгаллаш, Фармон билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низом”га мувофиқ номзодларнинг касбий компетенцияларини тест синовидан ўтказиш ва улар билан суҳбат ўтказиш натижасида баҳоланиши белгиланган. Бунда, тестлар “бошқарув кадрлари” ва “мутахассислар” лавозим тоифалари бўйича алоҳида ишлаб чиқилиб, доимий янгилаб борилиши лозимлиги, шунингдек, тест синовларига “стрессга бардошлик” ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) даражасини аниқлашга қаратилган алоҳида бўлим киритилиши мумкинлиги таъкидланган. Тест саволларининг тўлиқ рўйхати эълон қилиниб борилади (“стрессга бардошлик” ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) тест саволлари бундан мустасно).

Суҳбат – интервью ёки тақдимот (кейс-стади, топшириқ) каби усуллар асосида амалга оширилади. Суҳбат давомида номзоднинг соҳа бўйича билим савияси, касбий маҳорати, умумий дунёқараши (интеллектуал салоҳияти), шахсий сифатлари (маънавий фазилатлари) ҳамда вакант лавозим учун мослиги баҳоланади.

“Давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини узлуксиз равишда ошириш тартиби тўғрисида низом”га асосан, ўз касбий компетенцияларини узлуксиз равишда ошириб бориши, давлат хизматчиларни:

1) тегишли равишда рағбатлантириш,

2) юқорироқ лавозимга тайинлаш,

3) юқорироқ малака даражасини бериш ва

4) Миллий кадрлар захирасига киритишнинг муҳим шарти ҳисобланиши белгиланди.

Шундай қилиб, давлат хизматчисининг касбий компетенцияларига оид кўникма кўрсаткичларини, ўзаро боғлиқ бўлган умумназарий билим билан бир вақтда, уларнинг профессионаллик даражаси ҳамда шахсий сифатларига доир билим, кўникма ва малакалар ташкил этади.

Хулоса ўрнида, таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон-2030” давлат стратегияси доирасида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришишда кадрларга юқори талабларнинг қўйилиши барча давлат хизматчиларидан ўзларига зарур бўлган касбий билим, кўникма ва малакаларини ривожлантириб бориш зарурлигини тақозо этади. Шу нуқтаи назардан, масалан, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июндаги ПФ–95-сон Фармони ижросини таъминлаш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига биринчи марта ишга қабул қилинган ходимларнинг давлат хизматига кириш” ўқув дастури асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида анъанавий ҳамда “Рақамли институт” платформаси орқали малака ошириш курслари ташкил этилди.

 

Рафик Шакуров

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини

ошириш институти доценти, юридик фанлар номзоди