Рус
Eng
Узб
Юристлар малакасини ошириш марказида 2011 йилнинг 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамкорлигида “Меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Президентимиз И.А.Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги «Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепцияси» номли маърузасида таъкидлаганидек, жаҳон миқёсида глобаллашув ва рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги замонда биз дунёда юз бераётган туб ўзгаришлар жараёнида эгаллаб турган ўрнимизни холисона ва танқидий баҳолашимиз, тобора ошиб бораётган ҳаёт талабларига жавоб беришимиз, кечаётган давр билан хамқадам бўлишимиз шарт. Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш шароитида ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳар томонлама ўзида қамраб олувчи Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси нормаларини амалиётда қўлланилиши ҳолатини муҳокама қилиш, ушбу қоидаларни амалиётда қўллаш меҳанизмларида мавжуд камчилик ва бўшлиқларни аниқлаш, уларни бартараф этиш мақсадида меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг концептуал асосларини ишлаб чиқиш зарурати кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 1996 йил 1 апрелдан эътиборан амалга киритилган бўлиб, шу кунгача ушбу Кодексга ўн беш маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Бу эса мамлакатимизда меҳнатга доир муносабаатларнинг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётганлигидан далолат беради. Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан меҳнат қонунчилиги тизимини такомиллаштириш, қонунчиликдаги мавжуд нормаларнинг амалиётда тадбиқ этилишини осонлаштириш ҳамда процессуал механизмларни кучайтириш билан боғлиқ муаммоларни илмий-амалий жиҳатдан таҳлил қилиш, меҳнат низоларини судда кўришнинг тартиб-таомилларини назарда тутувчи қонунчиликни янада такомиллаштириш, бу борада ривожланган демократик давлатларнинг ижобий тажрибасини таҳлил қилиш ва жорий этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Тадбирда фуқароларни меҳнатга оид ҳуқуқларини самарали таъминлаш ва ҳимоя қилиш, бу борада мансабдор шахсларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масаласига эътибор берилди. Мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, шунингдек, Марказда малака ошираётган юридик олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва корхона, ташкилот ва муассасаларнинг кадрлар хизмати ходимлари иштирок этдилар. Семинар иштирокчилар учун самарали, савол-жавобларга бой, конструктив руҳда бўлиб ўтди.